locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

«Видео ўйинидаги футболчи» йилнинг энг яхши аёл футболчиси деб топилди

29 ёшли футболчи 2023/2024 йилги мавсумда ҳам энг яхшиси деб топилганди.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
ФОТО: Getty Images

Футбол журналистлари ассотсиацияси (FWA) маълумотларига кўра, «Манчестер Сити» ҳужумчиси Хадича Шоу «Йилнинг энг яхши аёл футболчиси» унвонига сазовор бўлди. У жорий мавсумда 21 та ўйинда иштирок этиб, 19 та голга муаллифлик қилди.

29 ёшли футболчи 2023/2024 йилги мавсумда ҳам энг яхши деб эътироф этилган эди. 2021 йилдан буён «Сити» таркибида тўп суриб келаётган спортчи шу вақтгача икки бор Аёллар Суперлигасининг (WSL) «Олтин бутса» совринини қўлга киритган. Мутахассислар уни жорий йилда ҳам ушбу мукофотнинг асосий даъвогари сифатида баҳоламоқда. Агар спортчи яна бир бор рақиб дарвозасини ишғол этса, WSL тарихида уч хил мавсумда 20 тадан кўп гол урган илк аёл футболчига айланади.

Айни пайтда футболчининг ёзги трансфер ойнасидан кейинги тақдири кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Янги шартнома имзоланмагани сабабли, айни пайтгача 6 бор чемпионлик мақомини қўлга киритган «Челси» Шоу учун асосий харидор бўлиб турибди. Манбаларга кўра, Лондон клуби футболчига «Сити» таклифидан камида бир йилга узоқроқ шартнома ва йилига 1 миллион фунт-стерлинггача маош таклиф қилиши мумкин.

«Челси» бош мураббийи Сония Бомпастор спортчининг трансфери ҳақида аниқ маълумот бермаган бўлса-да, «9-рақам» (марказий ҳужумчи) сотиб олиш жамоа учун устувор вазифа эканлигини таъкидлаган.

«Сити» устози Гарет Тейлор эса ўз интервьюсида: «Мен ҳали ҳам унинг янги шартнома имзолашидан умидворман, аммо бу кўпроқ клуб ва футболчи ўртасидаги масала. Ҳозир эса унинг биз билан эканлиги ва биргаликда ғалаба қозонишимиз муҳимроқ», — дея баёнот берди.

Жамоадошларидан бири Сем Кофи Шоуни «видео ўйинидаги футболчи»га ўхшатиб, унинг ҳимоячиларни осонлик билан ортда қолдириш ва гол уриш қобилиятини алоҳида эътироф этган.

Келаётган якшанба куни Хадича Шоу аъзолигидаги «Сити» Англия кубоги яримфиналида айнан «Челси»га қарши майдонга тушади.

Насрулло Каримов
Насрулло Каримов
Журналист
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг