Вейналдум яна АПЛга қайтишни истамоқда
Нидерландиялик яримҳимоячининг «Al Ittifoq» билан тузган амалдаги шартномаси жорий мавсум охирида якунга етади.
ФОТО: Getty Images
«Ливерпуль» ва «ПСЖ» клубларининг собиқ яримҳимоячиси Жоржиньо Вейналдум келаси мавсумда, яъни Саудия Арабистонининг «Al Ittifoq» клуби билан шартномаси якунлангач, яна Премьер-лигага қайтишни истамоқда.
Sky Sports нашрининг хабар беришича, 35 ёшли футболчи фаолиятини якунлашни режалаштирмаяпти ва у ҳали ҳам АПЛ клубларига фойда келтира олишига ишонмоқда.
Ҳозирги вақтда унинг келажаги борасида якуний қарор қабул қилинмаган бўлса-да, Англияга қайтиш унинг учун асосий мақсад бўлиб турибди.
Маълумот учун, Вейналдум «Ливерпуль» сафида беш мавсум давомида 237 та ўйинда майдонга тушган ҳамда 2021 йили «ПСЖ»га ўтишидан аввал жамоаси билан Премьер-лига ва Чемпионлар лигасида ғолиб чиққан эди. У сўнгги уч мавсумни «Al Ittifoq» сафида ўтказди.
Насрулло Каримов
Журналист