Ван Дейк Салоҳ ҳақида: «Мо ҳануз жамоа етакчиси ва у биз билан бўлиши жуда муҳим»
«Ливерпул» ҳимоячиси Виржил ван Дейк жамоа ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Мо ҳануз етакчи ва жамоа сардори сифатида у биз билан бўлиши ҳамда майдонга тушиши мен учун жуда муҳим, у жамоага катта фойда келтирмоқда. У ҳар доим жамоага шунчаки голлардан ҳам кўпроғини беради. Шубҳасиз, айни пайтда барча эътибор унинг голларига қаратилган, чунки у жуда юқори стандартларни ўрнатган ва камроқ гол урганда танқидга учрамоқда.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам Монинг қолишини истайман, чунки у менинг яқин дўстим ва биз биргаликда кўплаб яхши ва ёмон кунларни бошдан кечирдик. Мо — «Ливерпул»нинг жуда муҳим ўйинчиси ва у ҳаддан ташқари юқори планкани ўрнатиб қўйган.
Одамлар кўп муҳим нарсаларни тушунишмайди. Келинг, мавсум охиригача кутайлик ва у қанчалик муҳим бўлиши мумкинлигини кўрамиз», — дея ван Дейкнинг сўзларини келтиради BBC.
Жорий мавсумда Салоҳ клуб сафида барча турнирлар доирасида 26 та ўйин ўтказиб, 7 та гол урди ва 8 та голли узатмани амалга оширди.