Вальбуэна фаолиятини Мальтада давом эттиради
Франция миллий жамоасининг собиқ ярим ҳимоячиси Матьё Вальбуэна Мальтанинг иккинчи дивизионида иштирок этувчи «Санта-Лучия» клуби футболчисига айланди. Бу ҳақда жамоа матбуот хизмати ижтимоий тармоқлар орқали расман маълум қилди.
41 ёшли футболчи янги клуби қароргоҳига етиб борди ва жамоанинг янги аъзоси сифатида таништирув маросимида иштирок этди.
Вальбуэна ўтган мавсумни Грециянинг «Олимпиакос B» жамоасида ўтказди. У 11 та учрашувда майдонга тушиб, 3 та гол урди ва 4 та голли узатмани амалга оширди.
Тажрибали футболчи фаолияти давомида «Марсель», Москванинг «Динамо»си, «Лион» ва «Фенербахче» каби клублар шарафини ҳам ҳимоя қилган.
Франция миллий жамоаси сафида эса Вальбуэна 58 та учрашувда қатнашиб, 8 та гол ва 20 та голли узатма муаллифи бўлган.