Усмонали Исмоналиев: “Бунёдкор”га қарши ўйиндан кейин юзимиз ёруғ бўлди. Жамоамизни сақлаб қолдик ва энди ОЧЛ баҳсига тайёрланяпмиз
Хабрингиз бор, “Андижон” клуби учун жорий йилги мавсум ҳали якунга етмаган. Боиси, 24-декабрь куни жамоамизни Қатарда Осиё Чемпионлар Лигаси 2 мусобақаси доирасида “Ал-Аҳли”га қарши жуда муҳим учрашув кутмоқда.
“Бургутлар” бўлажак ўйинга Тошкентда астойдил тайёргарлик кўришмоқда ва бутун эътибор 24-декабрь оқшомида ўтадиган беллашувга қаратилган.
“Андижон”нинг етакчи ўйинчиларидан бири Усмонали Исмоналиев “Ал-Аҳли”га қарши бўладиган жуда муҳим ўйинга кўрилаётган тайёргарлик бўйича клуб матбуот хизматига интервью берди.
- “Андижон” жамоамиз олдида икки муҳим ўйин турганди. Яхшики, сафарда “Бунёдкор”га қарши ўйинни ғалаба билан якунладик. Энди эса олдимизда Қатарда “Ал-Аҳли”га қарши яна бир жиддий учрашув турибди. Бўлажак ўйинга тайёргарлик қандай кечаётгани, жамоа кайфияти, умуман муҳимлик даражасидан келиб чиқиб нима дея оласиз?
- Худога шукр, “Бунёдкор”га қарши ўйиндан кейин юзимиз ёруғ бўлди. Жамоамизни сақлаб қолдик ва энди ОЧЛ баҳсига тайёрланяпмиз. Орада бир ҳафталик дам олдик. Шундан сўнг яна астойдил ҳозирлик кўришга киришдик. Бўлажак ўйин улар учун ҳам, лекин кўпроқ биз учун жуда зарур. Кўпроқ эҳтиёткорлик билан ўйнаймиз. Худога шукр, тайёргарлигимиз зўр бўляпти. Жароҳатдагилар ҳам таркибга қайтишяпти. Ҳаммага тайёргарлик жараёнида ўз ҳолатига келиш учун вақт бўляпти. Биз рақибдан қўрқмаяпмиз. Барча учрашувга қандай тайёргарлик кўрган бўлсак, бу сафар ҳам худди шундай ва янада кўпроқ масъулият билан тайёрланяпмиз.
- Дарвоқе, “Бунёдкор”га қарши ўйиндаги чиройли голингиз барчамизни эсда қолди. Ўша голингизга қандай таъриф берасиз? Масалан, фаолиятингиздаги энг чиройли голингизми?
- Худога шукр, ўзим учун ҳам яхши бўлди. Фаолиятим давомидаги энг чиройли голларимдан бири десам бўлади. Муҳим голларни ҳам кўп урганман. Ҳозирча чиройлироғи шу. Ўзим учун энг керакли учрашувдаги энг муҳим гол деб ҳисоблайман. Чунки ўшанда биз 2:1 ҳисобида ғалаба қозондик.
- “Ал-Аҳли” билан учрашувда ҳам гол уришингизга ишонаётгандирсиз-да?!
- Балки битта, балки иккита гол ҳал қилар. Гол барибир ғалабага олиб келади. Голни мен ураманми ёки бошқами, фарқи йўқ. Лекин рақиб дарвозасини ишғол этишга ҳаракат қиламан. Жамоамизнинг ғалабасига ҳисса қўшишга бор кучим билан ҳаракат қиламан.
- ОЧЛ 2 мусобақасининг гуруҳ босқичидаги охирги ўйинимиз ҳисобланади. “Ал-Аҳли”га қарши Андижондаги учрашувдан сўнг рақиб ҳақида қандай таассуротлар қолган? Айтайлик, қаторликларни плюси ва минус томонлари нимада?
- Улар деярли барча нуқталарида кучли, аммо бизда ҳам куч бор. Фақат рақибда бироз тажриба кўпроқ. Шуни қарамай, улар билан ўйнаса бўлади. Биздан икки-уч баробар устун жиҳати йўқ. Чунки биз Қатарга ғалаба учун борамиз. Кўрдингиз, ўз уйимизда 0:0 ўйнадик. Балки ўшанда ҳам ютишимиз мумкин эди. Бизда бир қатор имкониятлар бўлган. Қатарга юқори кайфиятда бориб, яхши натижа билан қайтишга ҳаракат қиламиз. Бу охирги ўйин ва биз учун финал. Ютсак кейинги босқичга чиқамиз, дуранг ҳам бизга мос келмайди. Шу пайтгача 5 та ўйинда дуранг ўйнадик, аммо ютадиган ўйинларимиз ҳам бўлган. Масалан, ўз уйимизда “Аркадаг”га қарши учрашувда голимизни ҳисоблашмади, хатолик бўлди. Бизда имкониятлар кўп бўлганди. Ўша учрашувгача биз ҳар 4-5 кунда ўйнаяптик. “Ал-Аҳли”га қарши ўйинга эса биз анча дам олдик. Худо хоҳласа, Қатардаги беллашувга олдингилардан-да кучлироқ тайёрланиб борамиз.