“Уотфорд” футболчиси Michail Antonio 6 ойга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинди
“Уотфорд” ҳужумчиси Michail Antonio автомобили билан боғлиқ қоидабузарлик бўйича полицияга ҳайдовчи шахсини тақдим этмагани учун олти ойга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. 36 ёшли футболчига, шунингдек, жами 2 050 фунт миқдорида жарима ва суд харажатлари белгиланди. Бу ҳақда Press Association (PA) хабар бермоқда.
Манбага кўра, воқеа 2025-йил 5-ноябрь куни Лондон марказидаги Палл-Малл кўчасида содир бўлган. Antonio’нинг Lamborghini Urus автомобили эҳтиётсиз бошқарилгани қайд этилгач, Metropolitan Police футболчидан ўша пайтда рулда ким бўлганини маълум қилишни талаб қилган. Бироқ тегишли маълумот ўз вақтида тақдим этилмагани сабаб иш судгача етиб борган.
Antonio судда воқеа вақтида Манчестерда бўлганини ва автомобилини бошқа шахсга ижарага бериш учун қариндошига топширганини айтган. Шунингдек, у полициянинг дастлабки хати олмаганини таъкидлаган. Бироқ суд бу важларни етарли деб топмади. Футболчининг ҳайдовчилик гувоҳномасида аввалдан 6 та жарима балли бўлган, янги қоидабузарлик учун яна 6 балл қўшилгач, автоматик равишда олти ойлик тақиқ кучга кирди.
Маълумот учун, Michail Antonio 2026-йил сентябрида “Уотфорд” билан бир йиллик шартнома имзолади. У бундан аввал “Вест Ҳем” сафида 10 йил тўп тепиб, Премьер-лигада 268 та учрашувда 68 та гол урган ва клубнинг ушбу турнирдаги энг яхши тўпурари ҳисобланади. 2024-йил декабрида Antonio оғир автоҳалокатга учраб, оёғини синдирган ва узоқ муддат футболсиз қолган эди.