Уолкотт: «Реал» АПЛда фақат саккизинчи ўринни эгаллаган бўларди»
Англия терма жамоаси ва «Арсенал» клубининг собиқ ҳужумчиси Тео Уолкотт Мадриднинг «Реал» клуби ҳақида кутилмаган ва баҳсли фикр билдирди. Унинг фикрича, «Қироллик клуби» Англия Премьер-лигасида ўйнаганида, ҳозирги даражасидаги устунликни намойиш эта олмасди.
«Менда шундай ҳис бор: уларда «Кристал Пэлас», «Лидс» меҳмонида ёки «Сент-Жеймс Парк»да муаммолар юзага келган бўларди. Шунингдек, Англия об-ҳавоси ҳам ўз сўзини айтмай қолмасди.
Кўплаб «Реал» мухлисларига бу жавобим ёқмаслиги тайин, бироқ Премьер-лигага анча яхши тайёргарлик кўрган жамоалар бор деб ҳисоблайман. «Реал» бундай жамоалар қаторига кирмаган бўларди», — деди Уолкотт Prime Video Sport UK ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида.
Маълумот ўрнида, «Реал Мадрид» айни дамда Испания Ла Лигасида яққол пешқадамлик қилмоқда. 24 тур якунларига кўра, жамоа 60 очко жамғарган ҳолда турнир жадвалининг биринчи поғонасини банд этиб турибди.