locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Умарали Раҳмоналиев — Озарбайжон чемпиони

Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Умарали Раҳмоналиев Озарбайжоннинг Сабах клуби сафида мамлакат чемпионлигини қўлга киритди.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Умарали Раҳмоналиев — Озарбайжон чемпиони
photo: PFL

Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Умарали Раҳмоналиев Озарбайжоннинг Сабах клуби сафида мамлакат чемпионлигини қўлга киритди. Қувонарлиси, бугун чемпионлик шоҳсупасига кўтарилган футболчи айнан Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси мусобақаларида порлаб, катта футбол сари дадил қадам ташлаган истеъдодлардан биридир.

Умарали Раҳмоналиев 2003-йил 18-август куни Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида таваллуд топган. Футболчилик фаолиятини Тошкентнинг Бунёдкор клубида бошлаган футболчи 2019-йилда Про лига мусобақаларида Бунёдкор-2 жамоаси сафида майдонга тушиб, ўзининг юқори салоҳияти билан мутахассислар эътиборини тортя бошлади.

2020-йилда ПФЛ томонидан ташкил этилган U18 Ўзбекистон чемпионатида Бунёдкор U18 шарафини ҳимоя қилган Умарали мусобақа давомида ўзининг иқтидорини намоён этди. Айнан Лига мусобақаларидаги ишончли ва ёрқин ўйинлари орқали у 2021-йилдан бошлаб Бунёдкор ўринбосарлар таркибига жалб қилинди.

Бунёдкор академияси ва ўринбосарлар сафида ўзини кўрсатган футболчиларга асосий жамоа эшиклари доимо очиқ бўлганидек, Умарали Раҳмоналиев ҳам қисқа вақт ичида асосий таркибга етиб борди.

2021-йил 13-август куни Ўзбекистон Суперлигаси 15-тури доирасидаги Бунёдкор — Металлург учрашувида бош мураббий Шуҳрат Мақсудов 88-дақиқада ёш футболчини майдонга туширди. Шу тариқа Умарали Раҳмоналиев Ўзбекистон Суперлигаcидаги дебютини нишонлади. Футболчи мавсум якунига қадар яна бир неча учрашувда майдонга тушишга муваффақ бўлди.

2022-йил эса Умарали учун ҳақиқий юксалиш мавсуми бўлди. У Бунёдкорнинг асосий футболчиларидан бирига айланиб, Суперлигада 21 учрашувда майдонга тушди ҳамда 6 та гол урди. Унинг Лига мусобақаларидаги ишончли ўйинлари футболчини легионерлик фаолияти сари етаклади.

2023-йилдан бошлаб Умарали Россиянинг Рубин клубида фаолият олиб борди. 2025-йил мавсуми якунида эса футболчи Озарбайжоннинг Сабах клубига ижарага ўтди. Жорий мавсумда у Озарбайжон Премьер-лигасида 28 та учрашувда майдонга тушиб, 4 та гол муаллифига айланди ва жамоаси билан мамлакат чемпионлигини қўлга киритди.

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг