Уэйн Руни 40 килограмм вазн ташлади ва бурнини операция қилдирди
«Манчестер Юнайтед» ва Англия терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Уэйн Руни 40 килограмм вазн ташлагани ва бурнини операция қилдиргани маълум бўлди. Собиқ футболчи янги қиёфада Disney+ платформасидаги «The Real Rooneys» сериали тақдимотида омма олдида кўриниш берди. Бу ҳақда Mundo Deportivo нашри хабар бермоқда.
Руни вазн ташлаш учун турли инъекция воситаларидан фойдалангани ҳақидаги гап-сўзларни рад этиб, натижага ўз меҳнати билан эришганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ортиқча вазндан халос бўлиш учун жиддий ҳаракат қилган.
Шунингдек, 40 ёшли собиқ футболчи бурнининг бир томони орқали тўғри нафас ололмагани сабабли операция қилдирганини айтди. Ушбу муаммо унга узоқ вақт давомида ноқулайлик туғдирган ва қаттиқ хуррак отишига ҳам сабаб бўлган.
Маълумот учун, Руни профессионал футболчилик фаолиятини 2021 йилда якунлаган. Ҳозирда у мураббийликдан ташқари телевидение ва медиа лойиҳаларида ҳам фаолият олиб бормоқда. Унинг оилавий ҳаётига бағишланган «The Real Rooneys» сериали Disney+ платформаси учун тайёрланган.