locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

UEFA ва CONCACAF FIFAдан 211 федерацияга 10 млн доллардан ажратишни сўради

Мазкур маблағлар 2027–2030-йиллар оралиғида футбол инфратузилмаси ва ривожланиш лойиҳаларига йўналтирилиши кўзда тутилган.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Фото: Getty Images

UEFA президенти Александер Чеферин ва CONCACAF раҳбари Виктор Монтальяни FIFA президенти Жанни Инфантиноға мурожаат қилиб, ташкилотга аъзо 211 миллий федерациянинг ҳар бирига камида 10 миллион доллардан қўшимча маблағ ажратишни таклиф қилди. Умумий тўлов миқдори қарийб 2,1 миллиард долларни ташкил этиши мумкин. Бу ҳақда L’Équipe нашри хабар бермоқда.

Манбага кўра, мазкур маблағлар 2027–2030-йиллар оралиғида футбол инфратузилмаси ва ривожланиш лойиҳаларига йўналтирилиши кўзда тутилган. Ушбу тўлов FIFA Forward дастури доирасида аввалдан белгиланган молиялаштиришдан ташқари, бир марталик қўшимча ёрдам сифатида берилиши таклиф қилинмоқда.

Чеферин ва Монтальяни, шунингдек, FIFA молиявий захираларини мустақил текширувдан ўтказишга чақирди. Уларнинг ҳисоб-китобига кўра, ташкилот 2023–2026-йиллар циклини қарийб 6 миллиард долларлик захира билан якунлаши мумкин. Таклиф этилаётган 2,1 миллиард долларлик тақсимот амалга оширилган тақдирда ҳам FIFA захиралари кейинги циклда 1,5 миллиард доллардан пастга тушмаслиги айтилмоқда.

Маълумот учун, UEFA ва CONCACAF ушбу таклифни FIFA Кенгашида кўриб чиқишни ҳамда бошқа қитъа конфедерацияларининг қўллаб-қувватлашини олишни режалаштирмоқда. FIFA ҳозирча мазкур ташаббус юзасидан якуний қарор эълон қилмаган.

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг