UEFA «Тоттенхэм»ни мухлисларнинг хатти-ҳаракатлари сабаб 30 минг евро жаримага тортди
Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (UEFA) Тартиб-интизом қўмитаси Англиянинг «Тоттенхэм» клубини Чемпионлар Лигаси умумий босқичи 8-тури доирасидаги «Айнтрахт»га қарши баҳсда мухлисларнинг камситувчи хатти-ҳаракатлари учун 30 минг евро миқдорида жаримага тортишга қарор қилди.
Эслатиб ўтамиз, Франкфурт-Майн шаҳрида 28 январь куни бўлиб ўтган мазкур учрашув «Тоттенхэм»нинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган эди.
BBC нашри хабарига кўра, ўйин давомида лондонликларнинг уч нафар ишқибози нацистча саломлашиш ҳаракатларини намоиш этган. Пул жаримасидан ташқари, клубга UEFA шафелигидаги кейинги сафар ўйини учун ўз мухлисларига чипталар сотишга шартли тақиқ қўйилди. Ушбу тақиқ учун қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир йиллик синов муддати белгиланди.
Шунингдек, «Тоттенхэм» майдонга турли буюмлар улоқтирилгани учун қўшимча 2,25 минг евро миқдорида жаримага тортилди.