UEFA Millatlar ligasi formatiga o‘zgartirish kiritdi
UEFA Ижроия қўмитаси Миллатлар лигасининг 2026/27-йилги мавсумида жамоаларнинг юқори лигага кўтарилиши ва қуйи лигага тушиши тизимига ўзгартиришлар киритди. Мазкур қарор турнирни 2028/29-йилги мавсумдан бошлаб янги форматга ўтказиш жараёнининг бир қисми ҳисобланади. Бу ҳақда UEFA расмий сайти хабар бермоқда.
Манбага кўра, 2028/29-йилги мавсумдан бошлаб Миллатлар лигасида амалдаги тўртта лига ўрнига учта лига қолади. A, B ва C лигаларининг ҳар бирида 18 тадан терма жамоа иштирок этади. Ҳар бир лига олтитадан жамоа жой оладиган учта гуруҳдан ташкил топади.
Янги форматга кўра, ҳар бир терма жамоа гуруҳ босқичида 6 та учрашув ўтказади ва беш хил рақибга қарши майдонга тушади. Турнирда жами 55 та терма жамоа қатнашиши сабаб C лигасидаги гуруҳлардан бири еттита жамоадан иборат бўлади. Ушбу гуруҳ баҳслари бошқа гуруҳларга нисбатан бир халқаро танаффус олдинроқ бошланади. Чорак финал, “Тўртлик финали” ва лигалар ўртасидаги плей-офф босқичлари эса сақлаб қолинади.
Маълумот учун, 2028/29-йилги A лига таркиби 2026/27-йилги Миллатлар лигаси натижалари асосида шакллантирилади. Унга A лиганинг саккиз чорак финалчиси, учинчи ўринни эгаллаган энг яхши икки жамоа, B лигасининг тўрт гуруҳ ғолиби ҳамда A/B плей-оффининг тўрт ғолиби йўлланма олади.