UEFA FIFA турнирларини бойкот қилиш режасидан воз кечиши мумкин
UEFA FIFA мусобақаларини бойкот қилиш бўйича таҳдидини бекор қилишга тайёр. Бунга FIFA томонидан Жанни Инфантино илгари сурган баҳсли тижорий лойиҳа қайта тикланмаслиги ҳақида кафолат берилгани сабаб бўлган.
Европа футбол федерациялари 30-июль куни ўтказилган фавқулодда йиғилишда FIFA турнирларини бойкот қилиш масаласини қўллаб-қувватлаган эди. Асосий талаб FIFA Forward Enterprise лойиҳасининг тўлиқ бекор қилиниши ва келажакда FIFA мусобақаларининг тижорий ҳуқуқларига хусусий инвесторларни жалб қилиш бўйича ўхшаш ташаббуслар қайта кўриб чиқилмаслиги эди.
Инфантино мазкур лойиҳадан икки кун ўтиб воз кечган бўлса-да, UEFA келажак учун мажбурий кафолатлар берилмагани сабаб бойкот таҳдидини сақлаб қолган. Эндиликда FIFA керакли кафолатларни тақдим этгани ва UEFA ўз талабларининг бажарилганини ҳисоблаётгани хабар қилинмоқда.
Маълумот учун, бойкот таҳдиди бекор қилинса, Европа терма жамоалари FIFA мусобақаларидаги иштирокини одатдагидек давом эттиради. Дастлабки турнирлардан бири келаси ҳафта Польшада бошланадиган 20 ёшгача бўлган аёллар ўртасидаги Жаҳон чемпионати бўлади.