UEFA Евро-2028’дан кейинги саралаш тизимига ўзгартиш киритади
UEFA Европа чемпионати 2028 (Евро-2028) турниридан сўнг ўтказиладиган саралаш мусобақалари тузилишига жиддий ўзгартишлар киритди.
Янги концепцияга кўра, саралаш ўйинлари икки лигага ажратилади. Энг кучли дивизион (1-лига) 36 та терма жамоани ўз ичига олади, иккинчи дивизионда (2-лига) эса 18 ёки 19 та жамоа иштирок этади. Ҳар бир миллий терма жамоа саралаш босқичида жами олтитадан учрашув ўтказади. Яқин ойлар ичида ушбу тизимнинг барча майда деталлари тўлиқ ишлаб чиқилиб, якунига етказилади.
1-лиганинг ҳар бир гуруҳида энг яхши натижа кўрсатган жамоалар тўғридан-тўғри Жаҳон ёки Европа чемпионатининг асосий босқичига йўлланма олади.
Қолган бўш ўринлар эса плей-офф (ўтиш ўйинлари) тизими орқали аниқланади. Мазкур плей-офф босқичида нафақат 1-лигада қолиб кетган кучли жамоалар, балки 2-лиганинг энг яхши гуруҳ ғолиблари ҳам иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.
Янги қоиднинг энг қизиқарли томони шундаки, Жаҳон ёки Европа чемпионатини ўзида қабул қиладиган мезбон давлатлар ҳам (аввалгидай гуруҳлардан ташқарида қолмасдан) саралаш турнирида қатнашадилар. Гарчи уларнинг турнирдаги иштироки кафолатланган бўлса-да, саралашдаги натижалари келгуси Миллатлар лигаси қуръасидаги ўринларига (посев) бевосита таъсир кўрсатади.
Ушбу ўзгаришлар фонида Миллатлар лигаси формати ҳам қайта кўриб чиқилади. 2028/2029 йилги мавсумдан бошлаб Миллатлар лигаси ҳар бирида 18 тадан жамоа бўлган жами учта лигада ташкил этилади.