UEFA «Бенфика»ни 40 минг евро миқдорида жаримага тортди
Европа футбол ассоциациялари иттифоқининг (UEFA) Назорат, этика ва интизом органи Лиссабоннинг «Бенфика» клубига нисбатан Чемпионлар Лигаси плей-офф босқичи доирасидаги «Реал Мадрид»га қарши ўйинда мухлисларнинг ирқчилик ҳаракатлари учун 40 минг евро миқдорида жарима солди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар бермоқда.
17 феврал куни бўлиб ўтган баҳсда «Реал» Винисиус Жуниорнинг голи эвазига 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Бразилиялик футболчи голни бурчак байроғи ёнида раққос тусиб нишонлагани томошабинларнинг кескин эътирозига сабаб бўлган.
Натижада, Винисиус ва «Бенфика» яримҳимоячиси Жанлука Престианни ўртасидаги низо туфайли ўйин деярли 10 дақиқага тўхтатиб қўйилган. Ўшанда «Реал» футболчиси ҳакамга ирқчилик мазмунидаги ҳақоратлар бўйича шикоят қилган эди. UEFA, шунингдек, Престианини жавоб учрашувидан четлатиш ҳақида ҳам қарор чиқарган (ўша баҳсда «Реал» 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган).
Бугун, 25 март куни ташкилот «Бенфика»га нисбатан мухлисларнинг ирқчилик ва дискриминацион хатти-ҳаракатлари учун жарима қўлланилганини маълум қилди. Бундан ташқари, клубга бир йиллик синов муддати билан кейинги уй учрашувида стадионнинг 500 та ўринли қисмини ёпиш бўйича шартли жаза тайинланди.
Шунингдек, қўшимча қарорлар ҳам қабул қилинди: «Бенфика» лазер нуридан фойдалангани учун 8 минг евро, майдонга буюмлар улоқтирилгани учун эса 25 минг евро жаримага тортилди. Клуб мураббийи ёрдамчиси Педро Луис Феррейра Мачадо спортчига хос бўлмаган хулқ-атвори учун UEFA байроғи остидаги битта ўйиндан четлатилди.