«У ерда ҳам ғалаба қозониш учун Майамига борамиз». Мартинелли — Шотландияга қарши ўйин ҳақида
Бразилия терма жамоаси ва Лондоннинг «Арсенал» клуби ҳужумчиси Габриэл Мартинелли миллий жамоанинг Гаити терма жамоаси устидан қозонган ғалабасига (3:0) изоҳ берди.
Шунингдек, ЖЧ-2026 гуруҳ босқичининг сўнгги ўйини – Шотландияга қарши баҳсга тайёргарлик ҳақида гапирди. Ўйин 25 июнь куни бўлиб ўтади.
«Биз ўз ўйинимиздан хурсандмиз. Ўйин давомида ҳаммаси ажойиб бўлди ва, ростини айтсам, биз кўпроқ гол уришимиз мумкин эди. Аммо, айтганимдек, биз вазифани яхши уддаладик ва ғалабадан мамнунмиз. Энди Шотландияга қарши ўйинга тайёргарлик кўрамиз – у ерда ҳам ғалаба қозониш учун Майамига борамиз», – дея Мартинеллининг сўзларини келтиради DailyAFC’нинг X ижтимоий тармоғидаги саҳифаси.
Жаҳон чемпионати – 2026 11 июндан 19 июлгача бўлиб ўтмоқда. Турнирнинг гуруҳ босқичидаги икки тур натижаларига кўра Бразилия тўрт очко жамғариб, C гуруҳида биринчи ўринни эгаллаб турибди.