U-17 Жаҳон чемпионати олдидан иштирокчи жамоалар расмийлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди
Эртага, 3 ноябр куни Қатар мамлакатида FIFA U-17 Жаҳон чемпионати старт олади. Унда Исломбек Исмоилов бошқарувидаги Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Осиё чемпиони сифатида иштирок этади.
Бугун турнир олдидан иштирокчи жамоалар расмийлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Унда FIFA ва маҳаллий ташкилот қўмитаси томонидан мусобақага оид масалалар, хусусан, регламент, тиббиёт, хавфсизлик, медиа ва маркетинг йўналишлари юзасидан тушунтириш ва эслатмалар бериб ўтилди.
Маълумот ўрнида, 17 ёшгача футболчилар ўртасидаги FIFA Жаҳон чемпионати жорий йилнинг 3–27 ноябр кунлари Доха шаҳридаги «Эспайр» академияси майдонларида бўлиб ўтади. Финал учрашуви эса «Халифа» халқаро стадионида ўтказилади. Ўзбекистон U-17 терма жамоаси турнир доирасидаги илк учрашувни 5 ноябр куни Парагвайга қарши ўтказади.