Тьяго Силва «Челси»га қайтиши мумкин, аммо футболчи сифатида эмас
Англиянинг «Челси» клуби ўзининг собиқ ҳимоячиси Тьяго Силвани мураббийлик штабга қайтаришга жиддий қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда ESPN Brasil хабар тарқатди.
41 ёшли афсонавий ҳимоячи Португалиянинг «Порту» клубидан кетишга қарор қилганидан сўнг, айни дамда келгуси режалари устида бош қотирмоқда. Унга яқин манбаларнинг хабар беришича, якуний қарор ҳали қабул қилинмаган, бироқ «Челси»даги мураббийлик лавозими бўйича музокаралар давом этмоқда. Яқинда Силва Лондон клубининг директорлар ложасида меҳмон бўлди.
Ҳозирда УЕФАнинг «B» тоифасидаги мураббийлик лицензиясига эга бўлган бразилиялик мутахассис ўз фаолиятини айнан мураббий сифатида бошламоқчи. Шунинг устига, унинг оилавий уйи ҳамон «Челси»нинг Кобҳэмдаги қароргоҳи яқинида жойлашган.
Ҳозирча Силванинг бутунлай бутсаларини михга илиши ёки ўйнашда давом этиши аниқ эмас, чунки унга Италиянинг «Милан» клубидан ҳам таклифлар бор.
Маълумот учун, Тьяго Силва якунланган мавсумда «Порту» сафида 14 та ўйинда майдонга тушиб, Португалия чемпионлигини қўлга киритди. У «Челси» шарафини 2020-2024 йиллар давомида ҳимоя қилган эди.