Туркиялик футболчи 25 ёшида вафот этди
Туркиянинг “Бандирмаспор” клуби ҳимоячиси Толга Календер 25 ёшида вафот этди. Футболчининг ўлими ҳақида клуб расмий баёнот берди.
Манбага кўра, Календер маълум муддат давомида соғлиғи билан боғлиқ муаммо сабаб даволанган. DHA уни касаллик оқибатида ҳаётдан кўз юмганини ёзмоқда, бироқ касалликнинг аниқ тури ҳақида расмий маълумот берилмаган. Футболчи 23-сентябрь куни Аданадаги Кабасакал қабристонига дафн этилади.
Толга Календер фаолияти давомида “Адана Демирспор”, “Тузласпор”, “Байрампаша” каби клублар сафида ҳам тўп сурган. У 2025-йил ёзида “Бандирмаспор”га ўтган ва клуб билан 2027-йилнинг июнига қадар шартнома имзолаган эди.
Маълумот учун, Толга Календер 2001-йилнинг 17-августида Мерсин шаҳрида туғилган. Унинг вафотидан сўнг “Бандирмаспор” ва собиқ клуби “Адана Демирспор” футболчининг оиласи ва яқинларига ҳамдардлик билдирди.