Трент Александр-Арнолд «Реал»ни тарк этиб, «Ливерпул»га қайтиши мумкин
Мадриднинг «Реал» клуби ҳимоячиси Трент Александр-Арнолд ёзги трансфер ойнасида жамоасини ўзгартириши кутилмоқда. Инглиз футболчиси «қаймоқранглилар» сафида ўзида кўрсата олмаганидан сўнг, фаолиятини бошлаган қадрдон клубига қайтиш вариантини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Mirror нашри хабар тарқатди.
Трент 2025 йилнинг ёзида 10 миллион евро эвазига Мадрид клуби билан 2031 йилнинг июнига қадар шартнома имзолаган эди. Бироқ Испаниядаги дебют мавсуми у кутгандек муваффақиятли кечмади. Ҳимоячи жорий мавсумда «Реал» сафида барча турнирларда 14 та ўйинда майдонга тушиб, бор-йўғи 2 та самарали узатмани амалга оширди.
Маълумот ўрнида, Александр-Арнолд 2016 йилдан буён «Ливерпул» шарафини ҳимоя қилиб, жами 9 та совринни, жумладан, Премьер-лига ва Чемпионлар Лигаси олтин медалларини қўлга киритган. Transfermarkt портали 27 ёшли футболчининг бозор қийматини 70 миллион еврога баҳоламоқда.