«Трабзонспор» бош мураббийи ёрдамчиси 56 ёшида вафот этди
«Трабзонспор» клуби мураббийлар штабида оғир жудолик юз берди. Бош мураббий Фотих Теккенинг ёрдамчиси, 56 ёшли Орхан Кайнак ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати расмий баёнот берди. ОАВ хабарларига кўра, мутахассиснинг ўлимига юрак хуружи сабаб бўлган.
Клуб ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида қуйидаги таъзияномани эълон қилди:
«Ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида клубимизга хизмат қилган, ўзининг садоқати, характери ва одоб-ахлоқи билан мухлисларимиз қалбида алоҳида ўрин эгаллаган Орхан Кайнакни йўқотганимиздан чуқур қайғудамиз.
Орхан Кайнак «Трабзонспор»имиз тарихида абадий қолади. У клуб ривожига қўшган ҳиссаси, майдондаги курашчанлиги ва қолдирган мероси билан доимо ёдимизда бўлади.
Унинг оиласи, яқинлари ва бутун жамоамизга чуқур таъзия изҳор этамиз».
Орхан Кайнак турк футболида ўз ўрнига эга бўлган шахслардан бири эди. Унинг бевақт вафоти бутун Туркия футбол жамоатчилигини ларзага солди.