«Тоттенхэм» Виктор Осимхен учун таклиф билан чиқди
«Тоттенхэм» клуби «Галатасарай» ҳужумчиси Виктор Осимхенни ўз сафига қўшиб олиш учун дастлабки таклифини йўллади. Бу ҳақда инсайдер Экрем Конур хабар берди.
Маълумотларга кўра, Лондон клуби нигериялик форвард учун тахминан 58–65 миллион евро таклиф қилган. Бироқ турк гранди ушбу маблағни етарли деб ҳисобламаяпти ва футболчисини камида 76 миллион евро атрофида эвазига сотишни режалаштирмоқда.
Осимхенга фақат «Тоттенхэм» эмас, балки Англиянинг «Манчестер Юнайтед» ва «Челси», шунингдек Испаниянинг «Атлетико» клублари ҳам жиддий қизиқиш билдирмоқда. Ушбу жамоаларнинг барчаси ҳужумчининг келажаги билан боғлиқ вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, «Галатасарай» Виктор Осимхенни 2025 йил ёзида Италиянинг «Наполи» клубидан 75 миллион евро эвазига харид қилган эди.
27 ёшли ҳужумчининг «Галатасарай» билан амалдаги шартномаси 2029 йилнинг июнига қадар мўлжалланган. Transfermarkt портали эса футболчининг бозор қийматини 75 миллион евро деб баҳоламоқда.