«Тоттенхэм» Рюдигер трансфери бўйича музокараларни бошлади
Мадриднинг «Реал» клуби ҳимоячиси Антонио Рюдигер жорий мавсум якунлангач, фаолиятини яна Англия Премьер-лигасида давом эттириши мумкин. TEAMtalk нашри тарқатган хабарга кўра, «Тоттенхэм» германиялик тажрибали ҳимоячини ёзги трансфер ойнасида ўз сафига қўшиб олиш имкониятларини кўриб чиқмоқда.
Рюдигернинг мадридликлар билан амалдаги шартномаси 2026 йилнинг июнига қадар мўлжалланган бўлиб, ҳозирча янги битим борасида расмий келишувга эришилмаган. Маълумотларга кўра, футболчи Англияга қайтиш истагида ва бунинг учун ҳатто амалдаги маошининг сезиларли даражада камайишига ҳам рози.
Ҳимоячи учун курашда «шпорлар»дан ташқари Лондоннинг яна икки клуби — «Вест Хэм» ва «Кристал Пэлас» ҳам фаоллик кўрсатмоқда. Шунингдек, Рюдигерда фаолиятини Саудия Арабистонида давом эттириш варианти ҳам мавжуд бўлиб, у ерда футболчига катта молиявий пакет таклиф этилиши кутилмоқда.
Рюдигер 2022 йилда эркин агент сифатида «Челси»дан «Реал»га ўтган эди. Ўтган вақт мобайнида у жамоанинг муҳим бўлагига айланди, бироқ Transfermarkt ҳозирда 32 ёшли (март ойида 33 га тўладиган) футболчининг бозор қийматини 12 миллион евро деб баҳоламоқда. Мадрид клуби ҳам ҳимоя чизиғини ёшартириш мақсадида Нико Шлоттербек каби янги номзодларни кўриб чиқаяптгани ҳақида хабарлар бор.