«Тоттенхэм» Ромерони «Арсенал»га сотишга тайёр эмас
«Тоттенхэм» клуби жамоа сардори, марказий ҳимоячи Кристиан Ромерони Лондоннинг бошқа бир клуби — «Арсенал»га қўйиб юборишни истамаяпти. Бу ҳақда The Sun хабар берди.
Маълум қилинишича, 28 ёшли аргентиналик футболчи ёзги трансферлар ойнасида жамоасини алмаштириш вариантини кўриб чиқмоқда. Ромеро хизматларига даъвогарлар орасида «Арсенал» ҳам бор. Футболчининг ўзи «канонирлар» сафига ўтишга қарши эмас.
Бироқ «Тоттенхэм» раҳбарияти ўз капитанини принципиал рақибга сотиш ниятида эмас. Шу сабабли Ромеронинг «Арсенал»га трансфери ҳозирча мураккаб кўринишда.
Айни пайтда аргентиналик ҳимоячини қўлга киритишдаги асосий даъвогар сифатида Мадриднинг «Атлетико»си кўрилмоқда. Аввалроқ футболчига Италиянинг «Интер» клуби ҳам қизиқиш билдиргани ҳақида хабарлар тарқалган.
Ромеро 2025/26 йилги Англия чемпионатида «Тоттенхэм» сафида 23 та учрашувда майдонга тушиб, 4 та гол ва 1 та голли узатма қайд этган. У Чемпионлар лигасида эса 8 та ўйинда 1 та гол ва 2 та ассист қайд этган.
Transfermarkt маълумотларига кўра, Кристиан Ромеронинг айни пайтдаги бозор қиймати 50 миллион евро атрофида баҳоланмоқда.