«Тоттенхэм» Коло Муанини тўлиқ сотиб олмоқчи
Лондоннинг «Тоттенхэм» клуби ПСЖ ҳужумчиси Рандаль Коло Муанини ўз сафига қўшиб олиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Tuttosport нашри хабар берди.
Манбага кўра, «шпорлар» франциялик ҳужумчи билан шартнома имзолашни истамоқда. Жамоа бош мураббийи Роберто Де Дзерби Коло Муанининг иқтидорини юқори баҳолайди ва уни ҳужум чизиғини кучайтириш учун муҳим номзод сифатида кўрмоқда.
Қайд этилишича, ПСЖ футболчини сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага бериш вариантини кўриб чиқишга тайёр. Бундай битимнинг умумий қиймати тахминан 40 миллион еврога баҳоланмоқда.
Шунингдек, Коло Муанига Туриннинг «Ювентус» клуби ҳам даъвогар бўлиб турибди. Италия гранди ўтган ёздан буён ҳужумчини ўз сафига қўшиб олиш учун фаол ҳаракат қилмоқда.
2025/2026 йилги мавсумда Рандаль Коло Муани ижара асосида «Тоттенхэм» сафида тўп суриб, барча мусобақаларда 41 та учрашувда иштирок этди. Ушбу баҳсларда у 5 та гол уриб, 4 та голли узатмани амалга оширди.
Transfermarkt маълумотларига кўра, 26 ёшли ҳужумчининг бозор қиймати 20 миллион еврога тенг.