«Тоттенҳэм»нинг жорий мавсумдаги асосий мақсади маълум бўлди
Лондоннинг «Тоттенҳэм» клуби раҳбарияти жамоанинг жорий мавсумдаги асосий мақсадини белгилаб олди. The Touchline нашрининг хабар беришича, бош мураббий Игор Тудор олдига жамоани турнир жадвалининг кучли ўнлигига олиб чиқиш вазифаси қўйилган. Агар хорватиялик мутахассис ушбу мақсадга эриша олса, клуб раҳбарияти у билан амалдаги шартномани узайтириш масаласини кўриб чиқишга тайёр.
Ҳозирги вақтда Тудорнинг «шпорлар» билан имзолаган шартномаси жорий ёзда ўз ниҳоясига етади. Англия Премьер-лигасининг 26-туридан сўнг «Тоттенҳэм» анча мураккаб ҳолатга тушиб қолган: жамоа 29 очко билан турнир жадвалининг 16-поғонасини эгаллаб турибди. Кучли ўнликдан жой олган жамоалар билан фарқ айни дамда 7 очкони ташкил этмоқда.
Игор Тудор шогирдлари учун навбатдаги синов ниҳоятда жиддий кечиши кутилмоқда. «Тоттенҳэм» ўзининг принципиал рақиби — «Арсенал»га қарши Шимолий Лондон дербисида майдонга тушади. Мазкур учрашув 22 февраль куни Тошкент вақти билан соат 21:30 да старт олиши режалаштирилган.