«Тоттенҳэм» Жон Стоунc ва «Брайтон» юлдузларини ўз сафига қўшиб олмоқчи
Лондоннинг «Тоттенҳэм» клуби жорий мавсум якунлангач «Манчестер Сити»ни тарк этадиган марказий ҳимоячи Жон Стоунcни сотиб олиш вариантини кўриб чиқмоқда. The Independent нашрининг хабар беришича, лондонликлар 31 ёшли футболчида жамоа учун жуда зарур бўлган ҳақиқий етакчини кўрмоқда. Шунингдек, «шпорлар» бош мураббийи Роберто Де Зерби жамоага янги дарвозабон ҳам олиб келмоқчи ва номзодлар қаторида «Манчестер Сити» посбони Жеймс Траффорд ҳам бор.
Италиялик мутахассис таркибни кучайтириш учун ўзининг собиқ жамоаси «Брайтон» футболчилари хизматидан фойдаланиши мумкин. Де Зерби айни пайтда ҳимоячи Ян Пол ван Хекке, яримҳимоячи Карлос Балеба ҳамда дарвозабон Барт Вербрюггенни ўз жамоасида кўришга жиддий қизиқиш билдираётгани айтилмоқда. Собиқ шогирдларининг трансфери мураббий учун устувор вазифалардан бири бўлиб турибди.
Бундан ташқари, «Тоттенҳэм»нинг трансфер нишонида «Борнмут» ҳимоячиси Маркос Сенеси ҳамда «Ливерпул» аъзоси Эндрю Робертсон ҳам бор. Ҳар икки футболчи ҳам жорий мавсум якунига етгач, эркин агент сифатида ўз клубларини тарк этиши аниқ бўлиб улгурган. Лондон клуби раҳбарияти ёзги трансфер ойнасидан бу ҳимоячиларни текинга қўлга киритиш учун ҳозироқ ҳаракатларни бошлаб юборган.