«Тоттенҳэм» бош мураббийлигига тўрт нафар асосий номзод маълум бўлди
Инсайдер Бен Якобснинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида хабар беришича, «Тоттенҳэм»нинг бўшаб қолган бош мураббийлик курсисига асосий даъвогарлар аниқланган.
Рўйхатда италиялик Роберто Де Зерби ва жамоанинг собиқ устози, аргентиналик Маурисио Почеттино етакчилик қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, лондонликлар бугун, 11 февраль куни даниялик мутахассис Томас Франкни истеъфога чиқарганини расман эълон қилган эди.
Манбанинг таъкидлашича, «шпорлар» раҳбарияти яна икки нафар номзодни кўриб чиқмоқда. Булар — айни дамда «Ференсварош»ни бошқараётган клуб собиқ ҳужумчиси Робби Кин ҳамда «Порту»да фаолият юритаётган 36 ёшли мутахассис Франческо Фариоли. Маълум қилинишича, ушбу мураббийларнинг номзодлари клуб ички йиғилишларида муҳокама қилинган.
Айни дамда «Тоттенҳэм» Премьер-лигада ўта оғир ҳолатда: жамоа 26 турдан сўнг 29 очко билан турнир жадвалининг 16-поғонасида бормоқда. Хавфли ҳудуддан (тушиб кетиш зонасидан) фарқ бор-йўғи беш очкони ташкил этади.