Тошкентда Иқтидорли мураббийлар конференцияси бўлиб ўтди
27–28-апрел кунлари Миллий футбол марказида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ташаббуси билан ташкил этилган “Иқтидорли мураббийлар” конференцияси бўлиб ўтди. Тадбир мураббийлар малакасини ошириш, иқтидорли футболчиларни тайёрлаш тизимини модернизация қилиш, таълим сифатини яхшилаш ҳамда селекция жараёнларини илмий асосда такомиллаштиришга қаратилди.
Конференцияда республиканинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган болалар футболи мураббийлари ва профессионал клублар вакиллари иштирок этди. Тадбир давомида ЎФА вице-президенти Одил Аҳмедов, Миллий жамоа бош мураббийи Фабио Каннаваро, мураббийлар Франческо Тройсе ва Евгенио Албарелла ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, мураббийларга керакли тавсиялар бериб ўтишди.
Болалар-ўсмирлар ва ёшлар футболида қўлланилаётган замонавий методлар, мураббийликдаги янги йўналишлар ҳамда илғор ёндашувлар юзасидан фикр алмашилди.