Тошкентда футбол тиббиёти бўйича халқаро семинар бўлиб ўтди
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан Миллий олимпия қўмитаси биносида футбол тиббиёти соҳасига бағишланган халқаро семинар ташкил этилди.
Тадбир давомида футболчиларнинг тикланиш жараёнлари, жароҳатларнинг олдини олиш усуллари, рационал овқатланиш, машғулот юкламаларини бошқариш, жисмоний ва функционал ҳолатни тестдан ўтказиш, турли об-ҳаво шароитида машғулот олиб бориш, шунингдек индивидуал реабилитация ва мониторинг масалалари кенг муҳокама қилинди.
Семинарда клублар шифокорлари ва спорт директорлари иштирок этиб, халқаро тажриба билан яқиндан танишиш, долзарб саволларга мутахассислардан бевосита жавоб олиш имкониятига эга бўлдилар.
Ушбу тадбир спорт тиббиётининг замонавий ёндашувларини оммалаштириш, футболчиларнинг соғлиғини сақлаш ҳамда уларнинг спортда юқори натижаларга эришишларига кўмаклашиш мақсадида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.