Тошкент туристларига 5 июн куни БААга бормаслик тавсия этилди
Тошкент шаҳар туризм бошқармаси 5 июн куни БААда бўлиб ўтадиган футбол ўйини муносабати билан туристик компаниялар ва тадбиркорларга ушбу санада туристларни БААга жўнатмаслик тавсиясини берди. Бу ҳақда бир қатор ОАВ хабар берди.
Маълумотларга кўра, аввалроқ ижтимоий тармоқларда фаоллар 5 июнь куни Ўзбекистон терма жамоасини қўллаб-қувватлаш учун БААга боришга чақирган видеолар тарқалган. Улар 5000 нафар юртдошни стадионга жамлашни режалаштирган эди. Аммо БАА терма жамоаси 12 минг ўринли стадионда ўйин ўтказишга қарор қилган ва регламентга кўра, Ўзбекистон мухлислари учун фақат 960 та ўрин ажратилган (8%).
Шунга кўра, кўплаб ўзбекистонликлар стадионга кира олмаслиги мумкин. Бу эса хавфсизлик масалаларида муаммоларни келтириб чиқариши эҳтимоли бор. Шунингдек, айрим ҳолатларда БАА ҳудудига киришга рухсат берилмаслиги ва фуқаролар аэропортдан қайтарилиши мумкин.
Шу сабабли, Тошкент шаҳар туризм бошқармаси 5 июн куни туристларни БААга жўнатмасликни тавсия қилмоқда.