Тони Кроос: «Аргентина Германиядан устун эмас, лекин уларда Месси бор»
Германия терма жамоасининг собиқ ярим ҳимоячиси Тони Кроос ЖЧ-2026 финалчиси бўлмиш Аргентина терма жамоаси ҳақида ўз фикрларини билдирди. Немис футболчиси аргентиналикларнинг даражасини Германия термаси билан таққослади ва Лионель Мессининг ролини алоҳида эътироф этди.
"Аргентина Германиядан яхшироқ (кучлироқ) эмас, бироқ уларда ақлбовар қилмас менталитет ва уларни яна бир бор финалга етаклаган Месси бор. Мен Мессининг футболдаги интеллект (ўйинни тушуниш қобилияти) тобора ўсиб бораётганини пайқаяпман. 2022 йилги Жаҳон чемпионати у учун охиргиси бўлади деб ўйлагандим, ҳозир эса у иккинчи кубок ғолиблигидан бир қадам узоқда турибди", — дея Крооснинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда COPE нашри.
Эслатиб ўтамиз, Месси ЖЧ-2026 турнирида ҳозиргача 7 та учрашувда майдонга тушиб, 8 та гол урди ва 4 та голли узатмани амалга оширди. Германия терма жамоаси эса ушбу турнирнинг 1/16 финал босқичида Парагвайга пеналтилар сериясида имкониятни бой бериб, мусобақани тарк этганди. Тони Кроос 2014 йилги Жаҳон чемпионати финалида айнан Аргентинани (қўшимча вақтларда 1:0) мағлуб этган ҳолда дунё биринчилиги ғолибига айланган.
Аргентина ва Испания терма жамоалари ўртасидаги ҳал қилувчи финал бахси 19-июль куни Нью-Жерсидаги "MetLife Stadium" стадионида бўлиб ўтади.