Тимур Кападзе: Ёшларга имконият берамиз, соғлом рақобат бўлади
Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе жаҳон чемпионатига тайёргарлик жараёнида фақат “эски гвардия”га таянмаслигини таъкидлади.
“Бизда барқарор пойдевор бор, аммо ҳали вақт ҳам, бир нечта ўртоқлик ўйинлари ҳам олдимизда. Янги футболчиларни синовдан ўтказамиз. Агар ўйинчи ўзини кўрсатса, уни албатта таркибга қўшишни кўриб чиқамиз. Соғлом рақобат ва барқарорликка эришиш — мақсадимиз,” — деди Кападзе.
Унинг сўзларига кўра, ФИФА кунларидан максимал фойдаланиб, кўпроқ ўртоқлик учрашувлари ўтказиш режалаштирилган. Кападзе CAFA Миллатлар Кубогини ҳам қимматли мусобақа сифатида баҳолади:
“Бу турнир қисқа вақт ичида турли рақибларга қарши ўйнаш имконини беради ва янги ўйинчиларни синовдан ўтказиш учун яхши майдон бўлади. Ҳар қандай ўйин ва мусобақа, қай даражада бўлишидан қатъи назар, тайёргарлик учун фойдали.”