Тибо Куртуа “Манчестер Сити” ишига муносабат билдирди
“Реал Мадрид” дарвозабони Тибо Куртуа “Манчестер Сити”нинг молиявий қоидабузарликлар бўйича айбдор деб топилиши юзасидан фикр билдирди. Бельгиялик футболчи бу ҳолат мусобақадаги тенгликка зарар етказганини таъкидлади. Бу ҳақда у Onda Cero радиосининг “Radioestadio Noche” дастурига берган интервьюсида айтди.
Куртуанинг фикрича, молиявий қоидаларни четлаб ўтиш орқали клуб трансфер бозорида қўшимча имкониятларга эга бўлган бўлиши мумкин. “Бу мусобақага зарар етказади. Қайсидир маънода мусобақани бузади. Майдонда улар ўз кучи билан ғалаба қозонган, аммо бундай ҳолатлар бўлмаганида, эҳтимол, айрим футболчилар жамоада бўлмасди”, — деди дарвозабон.
Шу билан бирга, Куртуа “Манчестер Сити”нинг майдондаги натижаларини инкор этмади ва жамоа ғалабаларни спорт нуқтаи назаридан ўз кучи билан қўлга киритганини қайд этди. Унинг эътирози асосан клубнинг молиявий имкониятлари рақобат муҳитига қандай таъсир қилганига қаратилди.
Маълумот учун, мустақил комиссия “Манчестер Сити”ни 2009–2018 йиллар оралиғидаги кўплаб молиявий қоидабузарликларда айбдор деб топган. Клуб эса айбловларни рад этишда давом этмоқда ва қарор устидан шикоят қилишни режалаштирган.