Тиаго Силва Европага қайтиш имкониятини кўриб чиқмоқда
41 ёшли «Флуминенсе» ҳимоячиси Тиаго Силва ўз оиласига яқинроқ бўлиш учун Европага қайтиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Globo хабар берди. Силванинг оиласи Англияда истиқомат қилади.
Футболчи клубни мавсум охирида тарк этади, гарчи унинг шартномаси 2026 йил июнигача амал қилса ҳам. Клуб раҳбарияти шартномани узайтирмоқчи, аммо футболчининг шахсий истагини ҳам тушунмоқда.
Ҳимоячи Италиянинг «Милан» клубидан тушиши мумкин бўлган таклифларни ҳам рад этмайди — Италия матбуотига кўра, ушбу клуб трансфер учун асосий даъвогар сифатида қаралмоқда. Силва фаолиятини оиласи яқинида якунламоқчи ва унинг учун фарзандлари ёнига тез-тез бориб туриш имконияти энг муҳим омил. Унинг фарзандлари «Челси» академиясида тўп суради.
Қайд этилишича, Силванинг режаларида уч йил ичида мураббийлик фаолиятини бошлаш ҳам бор.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ у «Милан», «ПСЖ» ва «Челси» клубларида ўйнаган. Бразилия терма жамоаси сафида Тиаго Силва 113 та ўйин ўтказиб, 7 та гол урган.