Терри Анри Бундеслига клубига бош мураббий бўлиши мумкин
Le Journal du Dimanche нашрининг ёзишича, 47 ёшли франциялик мутахассис Терри Анри Германиянинг “РБ Лейпциг” жамоаси бош мураббийлиги учун номзодлар рўйхатига киритилган. Клуб раҳбарияти ҳужумкор ва томошабоп ўйин услубини танлайдиган, ёш истеъдодлар билан ишлашни билган ва Red Bull тизими билан алоқалари бор мураббий изламоқда. Анри 2010–2014 йилларда “Ню-Йорк Ред Буллз” сафида тўп сурган.
Анри Red Bull раҳбарларидан бири Оливер Минцлафф билан яхши муносабатларга эга. Шунингдек, унинг тайинланиши Red Bull футбол бўлими раҳбари Юрген Клопп томонидан ҳам маъқулланиши кутилмоқда. Томонлар ўртасидаги учрашув яқин кунларда бўлиб ўтади. Анри немис тилини билмасада, бу ҳолат тайинловга тўсқинлик қилмайди. Бошқа номзодлар орасида “Кристал Пэлас”ни бошқарувчи Оливер Гласнер ва “Комо” мураббийи Франсеск Фабрегас ҳам бор.
Эслатиб ўтамиз, “Лейпциг”нинг собиқ мураббийи Марко Розе март ойи охирида лавозимидан озод этилган эди. Ҳозирча жамоани вақтинча Жолт Лёв бошқармоқда. Анрининг сўнгги иш жойи Франция олимпия термаси бўлган — у 2024 йилги Олимпиадада иккинчи ўринни эгаллаган.