Терма жамоага Лёв керакми ё Кападзе? — Алишер Никмбаевнинг фикри
Ўзбекистон футбол жамоасига янги мураббий тайинланиши масаласи мухлислар орасида қизғин муҳокама қилинмоқда. Шу муносабат билан тажрибали мутахассис Алишер Никмбаев SPORTS.uz’нинг «Учтаси биттада» подкастида иштирок этиб, бу масалада ўз фикрларини билдирди.
Унинг таъкидлашича, асосий эътибор мураббийнинг исмига эмас, балки унинг мақсади ва иш муддатига қаратилиши керак. Никмбаевга кўра, агар мураббий бир ёки бир ярим йилга келадиган бўлса, ундан кутилган натижа аниқ бўлиши лозим — Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишми, Осиё Кубогида муносиб иштирок этишми ёки шунчаки формалликми?
«Бугун Лёв, эртага Билич — агар улар фақат бир турнир учун келадиган бўлса, бундай ўзгаришлар муваққат бўлади. Бизга қисқа муддатли эмас, барқарор тизим керак. Янги футболчиларни яхши танийдиган Кападзе каби маҳаллий мутахассисга ишонишимиз керакми? Ёки узоқ муддатли режа асосида ишлайдиган хорижлик мураббийгами? Буни ЎФА ҳал қилади», — деди Никмбаев.
У шунингдек, Катанецнинг услуби жамоага мослаштирилган бўлса-да, у кўп бор танқид қилинганини эслатди. Бу эса жамоада ҳам услуб, ҳам таркиб жиҳатдан янгиланиш зарурлигини кўрсатади.
Никмбаев ўз сўзини шундай якунлади:
«Биз фақат гапирамиз, таҳлил қиламиз, аммо қарорни миллий футбол тизимини бошқараётганлар қабул қилади. Улар масъулиятни ҳис этиб, тўғри танлов қилиши шарт».