Темур Кападзе Пабло Бентунинг эҳтимолий тайинловига муносабат билдирди
Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи вазифасини вақтинчалик бажараётган Темур Кападзе миллий жамоамизга Пабло Бентунинг бош мураббий этиб тайинланиши ҳақидаги хабарга ўз фикрини билдирди.
Кападзe таъкидлашича, ҳозир жамоа “Дўстлик”даги янги базаcида машғулотлар олиб бормоқда ва Пабло Бентунинг Тошкентга келгани маълум. Бироқ келишув масаласи ҳақида ҳеч қандай расмий маълумот йўқ.
“Ҳаммамиз учун энг асосийси — Ватан жамоаси. Агар Бенту бош мураббий бўлиб тайинланса, хайрли бўлсин. Биз ҳар доим миллий жамоамизни қўллаб-қувватлаймиз. Интернетда айтилаётган турли гап-сўзларга қарамай, мухлислардан олган қўллаб-қувватловим учун миннатдорман. Бу ерда асосий мақсад — футболчиларга яхши кайфият ва кучли энергия беришдир”, — деди у.
Кападзе, шунингдек, раҳбариятнинг тажрибали мураббий билан ишлаш нияти миллий жамоа учун ижобий натижа бериши мумкинлигини қайд этди.
“Жаҳон чемпионатига кўп вақт қолмади. Миллий жамоамиз илк бор Мундиалда иштирок этади. Худога шукур, қисқа вақт давомида бўлса ҳам жамоани бошқариш шарафига муяссар бўлдим. Халқимизнинг 34 йиллик орзуси амалга ошди. Энг муҳими, терма жамоамиз кучли бўлсин ва халқимиз бундан хурсанд бўлсин”, — дея қўшимча қилди мураббий.