Темур Кападзе: \"Эртанги ўйинда ҳам 3 очко орқали мухлисларимизни хурсанд қилиш ниятидамиз\"
Ўзбекистон терма жамоаси эртага, 10 июнь куни Жаҳон чемпионати саралаши доирасидаги сўнгги тур учрашувини ўтказади. Темур Кападзе бошчилигидаги жамоа Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида Қатарга қарши майдонга тушади. Мазкур беллашув олдидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Анжуманнинг иккинчи қисмида мезбон Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе ва ҳужумчи Элдор Шомуродов журналистлар саволларига жавоб берди.
Темур Кападзе:
"Ассалому алайкум! Президентимиз бошчилигида бутун халқимизни ғалаба билан табриклаймиз. Байрам устига байрам бўлди. Эртанги ўйинда ҳам 3 очко орқали мухлисларимизни хурсанд қилиш ниятидамиз.
Ҳозирда кайфият ва жисмоний ҳолат бўйича бизда ҳаммаси жойида. Тўғри, Ўруновда жароҳат бор, аммо умид қиламизки, у тез орада сафга қайтади. Шукуровда ҳам кичик жароҳат бор, эртага унинг ҳолатини тўлиқ аниқлаб оламиз.
БАА билан ўйинда вазифани уддалашимиз муҳимроқ эди. Шу сабабдан қандай услубда ўйнаш аҳамиятга эга эмасди. Босим юқори бўлгани боис ҳаммасини назорат остида ушлаб турдик. Прагматик футбол кўрсатдик, демаган бўлардим.
Қатарга қарши эса босим камаяди, шубҳасиз. Бизда босим бўлмайди, демайман. Ҳар ҳолда, мухлисларимиз ва Президентимиз қаршисида тўп тепиш масъулияти бўлади. Шунга қарамай, вазифани ижобий ҳал қилганимиз биздаги кўп босимни камайтирди.
Мен ўйнаган пайтда Қатар қулай рақиб ҳисобланарди. Бироқ ҳозир вазият ўзгарган. Қатарликлар Осиё чемпиони бўлди ва бу сафар ҳам бизга муаммо туғдира олади. Айтишим мумкинки, айни пайтда улардан ҳар жабҳада кучлимиз. Осиё кубогидаги ва жаҳон чемпионати саралашидаги мағлубиятларда омад улар томонда бўлганини таъкидлаш лозим.
Катанец билан муносабатимиз яхши. У билан олимпия жамоамизда ишлаган вақтимда ҳам кўп алоқага чиқиб турардик. Мундиалга чиқишимизда унинг ҳам ҳиссаси юқори, албатта.
Сречконинг тақдирланиши ҳам мени қувонтирди. Ҳар бир инсон муносиб эътироф этилгани учун ҳам раҳбариятимизни ҳурмат қиламан.
Элдор Шомуродов:
"Ассалому алайкум ҳаммага! Аввало қўлга киритилган жаҳон чемпионати йўлланмаси билан барчани табриклайман. Эртага ҳам қизиқарли ўйин бўлади ва умид қиламизки, ғалаба билан мухлисларимизга муносиб совға туҳфа этамиз.
Мундиал йўлланмасини қўлга киритиш – биз учун юксак натижа. Тўғриси, нишонлаш учун ҳали вақт бўлмади. Лекин ҳозир эртанги ўйинга тайёргарлик кўряпмиз. Худо хоҳласа, Қатар билан ўйинда жаҳон чемпионатига чиққанимиз билан бирга ғалабани ҳам нишонлашга улгурамиз.
БАА билан ўйингача вақт жуда ҳам секин ўтгандек бўлди. Сабаби, бу баҳсни анча кутгандик ва натижа жуда катта аҳамиятга эга эди".
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон — Қатар учрашуви 10 июнь, сешанба куни бўлиб ўтади. Ўйин соат 18:45 да бошланади.