Тарихда илк бор ўзбекистонлик футбол мутахассислари ФИФА қўмитасига тайинланди
Сўнгги пайтлар Ўзбекистон футбол ассоциацияси ФИФА билан ҳамкорликда кўплаб лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
Юртимиз 2024-йилда илк бор ФИФА миқёсидаги футзал бўйича Жаҳон чемпионатини қабул қилган бўлса, 2027-йилга келиб ёшлар ўртасидаги Мундиалга мезбонлик қилишидан хабарингиз бор.
ФИФАнинг Футболда технологиялар, инновациялар ва рақамли ривожланиш қўмитаси (Football Technology, Innovation and Digital Transformation Committeе) — футболни замонавий технологиялар орқали ривожлантиришга қаратилган энг муҳим тузилмалардан бири ҳисобланади.
Қўмита ВАР, голни аниқлаш технологияси, яримавтоматик офсайд тизими, рақамли мониторинг, сунъий интеллект каби инновацион ечимларни ривожлантириш, синовдан ўтказиш ва футболга жорий этиш устида иш олиб боради. ФИФА Кенгашининг қарорига кўра, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Ирматов 2025–2029-йиллар учун ушбу қўмитанинг раис ўринбосари этиб тайинланди. Қўмитага ФИФАнинг Футбол технологиялари бўйича директори Ёҳаннес Ҳолзмуеллер раҳбарлик қилади.
Шунингдек, ЎФА Бош котиби Аваз Максумов Соҳил футболи қўмитасига (Beach Soccer Committee), ЎФА аёллар футболини ривожлантириш бўлими бошлиғи Юлия Панина Аёллар миллий терма жамоалари ўртасидаги мусобақалар қўмитасига (Women's National Team Competitions Committee) тайинланди.