Танишинг: Андижоннинг рақиби - Қатарнинг “Al-Ahli” клуби ҳақида
Осиё Чемпионлар лигаси 2 мусобақасининг “B” гуруҳи 2-тур доирасида Андижондаги “Бобур Арена” стадионида катта футбол байрами бўлиб ўтади.
1 октябр санада “Андижон” клуби Қатарнинг “Al-Ahli” клубини қабул қилади.
Илк турда “Al-Ahli” Баҳрайннинг “Al-Xaldia” жамоасига қарши беллашди ва учрашувда ҳисоб очилмади – 0:0.
“Al-Ahli” клуби 1950 йилда ташкил этилган. Бу жамоа 5 марта Қатарда кубокларни боши узига кўтарган.
Жамоани хорватиялик 47 ёшли мутахассис Игор Бишчан бошқариб бормоқда. У илгари Хорватия U21 терма жамоаси, Загребнинг “Dinamo” клубига ҳам устозлик қилган.
“Al-Ahli” сафида юлдуз легионерлар бор. Жумладан, 2014 йилги мундиалда Германия терма жамоаси таркибида ўйнаб, жаҳон чемпионига айланган Юлиан Дракслер 2023 йилнинг сентябр ойидан буён “Al-Ahli” сафида тўп суриб келмоқда. Шунингдек, ушбу жамоада Иброҳим Диалло, Мишел Влап, Эрик Эспозито сингари Европа чемпионатларида тўп сурган тажрибали легионерлари ҳам бор.
“Al-Ahli” уй ўйинларини “Ҳамад бин Халифа” стадионида ўтказади ва ўз бағрига 20 минг томошабинни сиғдиради.
Қатар Юлдузлар лигасида 12 та иштирокчи бўлиб, “Al-Ahli” айни пайтда 6 та турдан сўнг 2 ғалаба ва 4 мағлубият қайд этиб, тўплар нисбати 7:13 ни ташкил қилган ҳолда 6 очко билан 9-поғонани банд этиб турибди.
Яна бир гап: “Al-Ahli” клубида андижонлик футболчи тўп сурганини биласизми? 2011\2012 йилги мавсумларда Андижон футбол мактаби тарбияланувчиси ҳисобланган Шавкат Муллажонов айнан Қатарнинг “Al-Ahli” клуби шарафини ҳимоя қилган.