Талабалар лигасининг Тошкент шаҳар босқичи якунига етди
Ўзбекистон футбол ассотсиацияси ташаббуси билан, шунингдек, давлатимизнинг раҳбари “Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган “Талабалар лигаси” мусобақасининг Тошкент шаҳар босқичи якунланди.
Жорий йилги мусобақада пойтахтимиздаги 66 та олий таълим муассасаси жамоалари иштирок этди. Беллашувлар юқори савияда ташкил этилиб, талабалар ўртасида футболни ривожлантириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва оммалаштиришга хизмат қилди.
Якуний натижаларга кўра, “Stars” жамоаси чемпионликни қўлга киритди. “Renessans” жамоаси иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, “Westminster” жамоаси учинчи ўриндан жой олди ва ғолиблар қаторида Республика босқичига йўл олди.
Шунингдек, мусобақа давомида бир қатор индивидуал совринлар ҳам ўз эгаларини топди:
"Энг яхши дарвозабон" — Фазлиддин Эгамназаров (“Renessans”)
"Мусобақа тўпурари" — Шаҳзод Мўминқулов (“Stars”)
"Энг яхши ўйинчи" — Файоз Ҳайтмуродов (“Westminster”)
Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида “Талабалар лигаси” мусобақасининг Республика босқичи бўлиб ўтади.