Суд Мбаппени “ПСЖ”га 60 минг евро тўлашга мажбур қилди
Париж апелляция суди Килиан Мбаппени собиқ клуби “ПСЖ” фойдасига 60 минг евро тўлашга мажбур қилди. Қарор футболчининг адвокатлари 2025-йил баҳорида парижликлар ҳисоб-рақамларига нисбатан қўллаган таъминот чораси билан боғлиқ. Бу ҳақда L’Équipe нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, 2025-йил 10-апрелдан 25-майгача давом этган чекловлар сабаб “ПСЖ” маблағларининг бир қисмидан вақтинча фойдалана олмаган. Клуб кундалик молиявий мажбуриятларини бажариш учун қўшимча кредит линияси очишга мажбур бўлган. Суд айнан шу ҳолатни инобатга олиб, Мбаппе зиммасига 60 минг евро компенсация тўлаш мажбуриятини юклади.
Шу билан бирга, суд “ПСЖ”нинг маънавий зарар ҳамда обрўга етган зиён учун компенсация талабини қаноатлантирмади. Клуб мазкур чекловлар иш ҳақлари, етказиб берувчилар билан ҳисоб-китоблар ва бошқа тўловларга хавф туғдирганини таъкидлаган эди.
Маълумот учун, 2025-йил декабрида меҳнат низолари бўйича суд “ПСЖ”ни Мбаппега қарийб 61 миллион евро тўлашга мажбур қилган эди. Ушбу сумма футболчига берилмаган маош, бонус ва бошқа тўловлардан иборат бўлган.