«Страсбург» Розеньорга ўринбосар топди
«Страсбург» клуби бош мураббий лавозими учун янги номзод изламоқда. Жамоанинг ҳозирги мураббийи Лиам Розеньор «Челси» билан музокаралар олиб бормоқда ва лондонликлар сафига ўтишга яқин турибди. Шу сабабли француз клуби бош мураббийликка Гари О’Нил номзодини кўриб чиқмоқда.
The Athletic нашрининг хабарига кўра, тайинлов бўйича якуний қарор бугуннинг ўзидаёқ қабул қилиниши мумкин. Агар О’Нил ушбу лавозимни эгалласа, бу унинг фаолиятидаги Англиядан ташқаридаги илк иш тажрибаси бўлади.
Аввалроқ мутахассис «Вулверхэмптон» ва «Борнмут» клубларида фаолият юритган. У 2024 йил декабрь ойида «Вулверхэмптон»дан бўшатилгач, ишсиз бўлиб келаётган эди.
Ҳозирда «Страсбург» Франция чемпионатида еттинчи ўринни эгаллаб турибди. Жамоанинг навбатдаги учрашуви Франция Кубоги доирасида тўртинчи дивизион вакили «Авранш»га қарши бўлиб ўтади. Ушбу баҳс 10 январ, шанба кунига белгиланган. Кутилишича, янги мураббий айнан шу ўйинга тайёргарликни бошлаб беради.