Стоунс: «Баҳона қидиришни истамайман, бу ўйиндан хулоса чиқаришимиз керак»
«Манчестер Сити» ҳимоячиси Жон Стоунс Чемпионлар лигаси 5-турида «Байер»га қарши 0:2 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Стоунснинг таъкидлашича, натижани жамоа таркибидаги кўплаб ротацияларни баҳона қилиш осон бўларди, аммо у ғалаба ҳам, мағлубият ҳам, масъулият ҳам ёнма-ён туришини қайд этди:
«Баҳона қидирмоқчи эмасмиз. Таркибдаги ўзгаришлар сабаб ютқаздик дейиш осон, лекин ҳар бир футболчи ўз ролини бажаради. Биз жамоа бўлиб ютамиз ва жамоа бўлиб ютқазамиз. Бугунги натижадан жуда хафа бўлдик. Бу тажрибадан хулоса чиқаришимиз, хатоларни тўғрилашимиз керак. Бу изтироб бизга кейинги ўйинларда босимни ошириш учун ёқилғи бўлади», — деди Стоунс.
Маълумот учун, мазкур мағлубиятдан сўнг «шаҳарликлар» 10 очко билан Чемпионлар лигасининг умумий турнир жадвалида олтинчи ўринда бормоқда.