Станислав Кудряшов: Мавсум жуда қийин ва қизиқарли бўлади.
Суперлига 1-туридан "Локомотив" - "Сурхон" (3:1) учрашувидан сўнг жамоамиз бош мураббийи Станислав Кудряшов матбуот анжуманида иштирок этди
"Футбол мавсуми бошлангани билан барчани табриклайман. Мавсум жуда қийин ва қизиқарли бўлади. Терма жамоамиз ҳам илк марта ЖЧга чиқди. Мавсумни ғалаба билан бошласак зўр бўларди, аммо футболда ғалабани иккига бўлиб бўлмайди. Биринчи бўлимни жуда ёмон тарзда бошладик. Йигитларни майдонда танимадим. Балки ҳайжон ўз сўзини айтгандир. Ҳозир бир нима дейиш қийин. Видео таҳлилдан сўнг бир хулосага келамиз. Олдинда иккита уй ўйинимиз бор. Кейинги учрашувларда мухлисларимизни чиройли ўйин билан хурсанд қиламиз деган умиддаман", - деб фикр билдирди Станислав Кудряшов
"Сурхон" 2023-йилги мавсумдан буён чемпионатни мағлубият билан бошламоқда. Янги мавсум ҳам бундан истисно бўлмади. Бундай ёмон статистиканинг сабаби нимада?
Буни билардик ва шу ҳақда футболчилар билан гаплашгандик. Билмадим, ушбу ёмон анъанага чек қўя олмаяпмиз. Ҳозир бир нарса дейиш нотўғри, аввал барчасини таҳлил қилиб олайлик. Ҳиссиётларга берилиб турибман. Айтиб ўтганимдек биринчи бўлим жуда ёмон бўлди. Танаффусдан кейин эса бироз жонландик, аммо ўтказиб юборган иккинчи голимиз ўйин тақдирини ҳал этди
Мавсумдан олдинги интервьюлардан бирида асосий мақсадимиз ёшларга эътибор, имконият бериш дегандингиз. Жамоа таркиби ҳам анча ёшарган. Ёшлардан иборат таркиб тузиш келажакдаги қийинчиликларга сабаб бўлмайдими? Ёшларга тажриба етишмаслиги мумкин ва олдинда узун мавсум бор
Клубимиз раҳбарияти шундай йўлни танлайди. Ёшларни тарбиялаш ва уларга имконият бериш. Бу жуда қизиқарли ва тўғри қарор деб ўйлайман. Легионерларни ҳам сафимизга қўшиб олдик. Бир футболчимиз Сербияда ўйнаган, Ричард Фрайдей эса ўтган йили "Динамо"да ўйнаган. Аввалроқ айтиб ўтганимдек, биринчи таймда футболчиларни танимадим. Ўтказиб юборган голимиз сабаблими, билмадим. Тажрибали дарвозабонимиз бундай гол ўтказиб юборди. Умуман олганда, биз танлаган йўл шу. Таваккал қилмаган инсон шампан ичмайди, деган мақол бор-ку. Биз ўзимизга яраша таваккалга борамиз. Имкон қадар тўғри қарор қабул қилишга ва ўз устимизда ишлашга интиламиз. Кейинги ўйинларимиз бугунгидан яхшироқ бўлади деган умиддаман
Демак, "Сурхон" ёшларга имконият бериш йўлини танлагани учун натижага камроқ эътибор берадими? Яъни жамоа учун мусобақа жадвалидаги эгаллайдиган ўрнинг аҳамияти камаядими?
Ҳар бир футболчи неча ёшда бўлишидан қатъи назар ғалаба учун майдонга тушади. Ҳеч ким мағлубият учун майдонга тушмайди. Таркибимизда иқтидорли футболчилар кўп ва ҳар бир футболчи ўз ёш тоифасидаги терма жамоа аъзоси. Ҳар бир ўйин тажриба дегани. Туркиядаги йиғин доирасида кўплаб ўртоқлик учрашувларида иштирок этдик. Расмий ўйин эса бироз фарқ қилади. Ҳеч гапи йўқ, шундай ўйинлар орқали ўсиб борамиз. Эгаллайдиган ўрнимиз имкони борича тепароқда бўлса яхши. Биринчи навбатда мухлислар учун, чунки футбол мухлислар учун ўйналади
Бугунги учрашувда Муҳаммадали Мусахонов иштирок этди. Мусахонов Денов футбол мактаби тарбияланувчиси ҳисобланади. Жорий мавсумда сурхондарёлик ёш чарм тўп усталарига ҳам имконият бериладими?
Биз ўз вилоятиимиз шарафини ҳимоя қиламиз. Сир эмаски, Сурхондарё иқтидорларга тўла. Дўрмонов ва Бозоров футбол сулолалари Сурхондарёдан чиққан. Биз ёшларни топиб, уларга имконият берамиз. Биринчи навбатда талантларни топишга интиламиз. Академиямизга эътибор қаратганмиз. U19 ва U21 жамоаларини кузатиб бораяпмиз