Сон Ҳён Мин - Жанубий Корея рекордчисига айланди
У 2010 йилдан бери терма жамоа либосида тўп суриб келади.
ФОТО: Getty images
Жанубий Корея терма жамоаси ва АҚШнинг “Лос-Анжелес” клуби ҳужумчиси Сон Ҳён Мин миллий терма жамоа сафида энг кўп ўйин ўтказган футболчига айланди.
Бу натижа Бразилия терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида қайд этилди. Аммо кореялик футболчилар ушбу баҳсда беш карра ЖЧ ғолибига 5:0 ҳисобида мағлуб бўлди.
Шу тариқа, Сон Ҳён Мин терма жамоа сафидаги 137-ўйинини ўтказди. Бу орқали ҳужумчи 136 тадан ўйин ўтказган Чха Бом Гён ва Хон Мён Бони ортда қолдирди.
Шунингдек, Сон 2010 йилдан бери Жанубий Корея терма жамоасида ўйнаб келмоқда. Шу вақт мобайнида у ўз ҳисобига 53 та гол ва 24 та голли узатма ёздириб қўйган.
Розикжон Султонмуродов
Журналист