Соҳил футболи терма жамоасининг илк йиғини муваффақиятли якунланди
Пойтахтимиздаги ЎФА Терма жамоалар марказида соҳил футболи бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг жорий йилдаги илк ўқув-машғулот йиғини муваффақиятли якунланди.
24-июн куни бошланган йиғин 30-июн куни эрталабги машғулотлар билан ўз ниҳоясига етди. Бир ҳафта давом этган тайёргарлик жараёнида мураббийлар штаби футболчиларнинг жисмоний ва функционал тайёргарлигини ошириш, тактик комбинацияларни такомиллаштириш ҳамда жамоавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш устида тизимли иш олиб борди.
Йиғин якунида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Ахаджон Юсупов машғулотлар натижаларига юқори баҳо берди.
"Йиғиндан ҳам, унда иштирок этган футболчиларнинг меҳнатсеварлиги ва интилишидан ҳам кўнглим тўлди. Машғулотларнинг илк кунидаги ҳолат билан бугунги функционал тайёргарликни солиштирсак, сезиларли ўсишни кўриш мумкин. Ҳар куни икки маҳалдан олиб борилган машғулотлар ўз самарасини берди. Бугун футболчилар машқларни эркин, иштиёқ ва юқори кайфият билан бажараётгани бунинг яққол исботидир.
Соҳил футболига қизиқаяётган, ўзини шу йўналишда синаб кўришни истаган ёшлар ҳам тобора кўпаймоқда. Келгусида ташкил этиладиган йиғинлар ва турли мусобақалар орқали яна-да иқтидорли номзодларни терма жамоага жалб этишни давом эттирамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, ушбу йиғинни юқори савияда ташкил этишда кўмак берган Ўзбекистон футзал федерацияси раҳбариятига барча футболчилар номидан самимий миннатдорлик билдираман. Ана шундай изчил меҳнат ва изланишларни давом эттирсак, халқаро майдонда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишимизга ишонаман", —
деди Ахаджон Юсупов.
Мазкур йиғин бўлажак халқаро мусобақалар олдидан терма жамоа учун муҳим тайёргарлик босқичи бўлди. Машғулотлар давомида турли тактик комбинациялар устида иш олиб борилди, жамоа чизиқлари ўртасидаги боғланмалар кучайтирилди, ўзаро ҳамкорлик, жипслик янада мустаҳкамланди.
Ишончимиз комил, жорий йилги илк ўқув-машғулот йиғини ўз олдига қўйилган вазифаларни тўлиқ адо этиб, мураббийлар штаби учун ҳам, футболчилар учун ҳам самарали ва фойдали тайёргарлик жараёни бўлди.