Скалони: «Мен Мессидан маслаҳат сўрамасдан ҳеч қандай қарор қабул қилмайман»
Аргентина терма жамоаси бош мураббийи Лионель Скалони жамоа ҳужумчиси Лионель Мессининг таркибдаги ўрни ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
«Ҳеч кимга, ҳатто Мессига ҳам захирага олиниши ёқмайди. Мен Месси билан маслаҳатлашмасдан туриб ҳеч қандай қарор қабул қилмайман. Бу ерда ҳамма нарсани мен ҳал қиламан, дейиш мутлақо маъносиз. Биз қабул қилинаётган барча қарорларни доимо Месси билан биргаликда муҳокама қиламиз. Ундан аҳволи қандайлигини, фикри қандайлигини сўрайман ва умумий бир тўхтамга келишга ҳаракат қиламиз.
Менимча, барчаси шундай бўлиши керак. Чунки у майдонда қийинчиликларга дуч келган тақдирда ҳам жамоамизга улкан фойда келтира олади. У жуда кўплаб хавфли вазиятларни содир этиш ва яратишга қодир», — дея Скалонининг сўзларини келтирмоқда Olé нашри.
Эслатиб ўтамиз, футбол бўйича ЖЧ-2026 мусобақаси 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтади. Аргентина терма жамоаси амалдаги жаҳон чемпиони ҳисобланади. 2022 йилги мундиал финалининг асосий вақти 3:3 ҳисобига якунланган ва пенальтилар сериясида аргентиналиклар Франциядан устун келган эдилар (4:2).