Симеоне: «Хулиан Алварес Мадрид дербисида майдонга тушади»
«Атлетико Мадрид» бош мураббийи Диего Симеоне Хулиан Алварес «Реал Мадрид»га қарши дербида жамоа сафида бўлишини тасдиқлади. Аргентиналик ҳужумчи мушакларидаги зўриқишдан тикланиб, умумий гуруҳ билан машғулотларга қайтди. Бу ҳақда Симеоне ўйинолди матбуот анжуманида маълум қилди.
Манбага кўра, мураббий Алвареснинг бошланғич таркибда майдонга тушиши ёки иккинчи бўлимда захирадан ўйинга қўшилишини ҳозирча ҳал қилмаган. «У биз билан бўлади. Кейин уни асосий таркибда бошлатиш ёки иккинчи бўлимда майдонга туширишга қарор қиламиз», — деди Симеоне.
Алварес ўтган ҳафтадаги машғулотлардан бирида мушакларида зўриқиш сезгани сабаб «Реал Сосьедад» ва «Осасуна»га қарши сўнгги икки учрашувни ўтказиб юборган эди. Ҳужумчи жума куни машғулотларга босқичма-босқич қайтди, шанба куни эса жамоа билан тўлиқ шуғулланди.
Маълумот учун, Мадрид дербиси 20-сентябр куни «Метрополитано» стадионида бўлиб ўтади. Алварес «Реал Мадрид»га қарши фаолияти давомида 9 та учрашувда 5 та гол урган.